ДУНЁ 

Францияда сўз эркинлиги ҳамма учун эмас…

 “Амнести интернешнл” ташкилотининг Европа бўйича тадқиқотчиси Марко Перолине Франция президенти Эммануэл Макронни сўз эркинлиги баҳонасида олиб бораётган сиёсатини танқид остида олди. Перолине ёзган “Макроннинг Франциясида сўз эркинлиги фақат айримлар учун” сарлавҳали мақола “Ньюсуик” нашрида эълон қилинди.   

Тадқиқотчининг фикрича, Макрон ва унинг ҳукумати Самюэл Пати исмли ўқитувчининг ўлдирилишига франциялик мусулмонларга туҳматларни кўпайтириш орқали жавоб қайтарди. Қолаверса, ҳукумат сўз эркинлигини қўллаб-қувватлашини даъво қилган ҳолда бу эркинликка ҳужум уюштирмоқда.“Масалан, ўтган ҳафтада француз полицияси тўрт нафар ўн ёшли болани бир неча соат давомида “терроризмни оқлаш”да гумон қилиб сўроққа тутди”, – дея ёзади Перолини. Бу болаларнинг “айби” шуки, улар Самюэл Патининг дарсда Муҳаммад алайҳиссалом таҳқирлаб акс эттирилган карикатураларни ўқувчиларга кўрсатиш билан тўғри йўл тутганини шубҳа остига олган.

Мақола муаллифининг таъкидлашича, Франция ҳукумати ўзини сўз эркинлиги учун курашувчи деб ўйлашни ёқтиради, аслида эса ундай эмас.

Шунингдек, мақола муаллифи француз ҳукумати ўзи ўйлаганидек сўз эркинлиги борасида чемпион эмаслигини таъкидлаб, норозилик намойишларида Макроннинг тулумини ёққан икки киши 2019 йилда суд томонидан “таҳқирлаш”да айбдор деб топилганини эслаб ўтган. Айни пайтда Франция парламенти ижтимоий тармоқларда ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг расмларидан фойдаланганлик учун жавобгарлик белгилашни кўзда тутувчи қонун лойиҳаси устида ишлаяпти. “Буни француз ҳукуматининг Муҳаммад пайғамбарни карикатураларда тасвирлаш ҳуқуқини жон-жаҳди билан ҳимоя қилиши билан солиштириш мушкул”, – дея ёзади Перолини.

Муаллиф карикатураларга қарши чиқаётганларнинг ҳам ўз фикрини билдириш ҳуқуқи борлигини ва улар бу билан айирмачи ёки радикалга айланиб қолмаслигини таъкидлайди. Мақолада ёзилишича, Францияда диний эътиқод учун ҳақоратли деб қабул қилиниши мумкин бўлган фикрлар ва қарашлар ҳимояланаётган бир пайтда мусулмонларнинг фикр ва дин эркинлиги эътиборган олинмаяпти, масалан, улар мактабларда ва давлат ишларида ўзлари хоҳлагандек кийимда юролмайди.

Марко Перолине Францияда ҳар йили минглаб киши “давлат амалдорларини таҳқирлаш”да айбланиб судланишини айтиб ўтган. Исроил маҳсулотларига бойкотни тарғиб қилган 11 фаол ҳам жазога тортилган, жорий йилнинг июнида инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди бу фаолларнинг сўз эркинлиги бузилган деган хулосага келди.

Муаллифнинг таъкидлашича, 2015 йилда Парижда юз берган терактлардан кейин француз ҳукумати мусулмонларга нисбатан минглар таҳқирловчи ва камситувчи рейдларни амалга оширди.

Перолине тарих такрорланаётганини таъкидлар экан, Франция ҳукумати “радикаллик” баҳонасида мусулмонларнинг ташкилотлари ва масжидларни ёпишга тушиб кетганига эътибор қаратган. Ички ишлар вазири Жеральд Дерманин Исломофобияга қарши кураш ташкилоти ёпилишини айтган. У ташкилотни “республика душмани” ва “терроризм ўчоғи” деб атаган, бироқ бу айбловларига бирорта ҳам далил келтирмаган.

“Франция ҳукуматининг сўз эркинлиги ҳақидаги сафсаталари унинг уятсиз иккиюзламачилигини яшириш учун кифоя эмас. Фикр билдириш эркинлиги ҳамма учун бўлмас экан, у ҳеч нарсани англатмайди”, – дея якунлайди мақоласини Марко Перолине.  

Tegishli xabarlar

Leave a Comment