МАДАНИЯТ 

“Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони тўғрисидаги низом тасдиқланди ///Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 3 ноябрдаги қарорига мувофиқ, “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 3 ноябрдаги қарорига мувофиқ, “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ушбу қарорнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида қуйидагиларни сўзлаб берди:

– Авваламбор, Ҳукумат томонидан мазкур қарорнинг қабул қилиниши давлатимиз раҳбарининг жорий йил 22 июндаги Фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясини бажариш йўлида қўйилган яна бир муҳим амалий қадам эканини қайд этиш мақсадга мувофиқдир. Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида сўз юритиб, хусусан, юртимизда биринчи марта Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси қабул қилинганини алоҳида таъкидлагани бежиз эмас.

Маълумки, ўтган қисқа даврда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисидаги маълумотлар БМТнинг олтита тилида нашр этилди ва Бош Ассамблеянинг 74-сессияси расмий ҳужжати сифатида тарқатилди.

Миллий стратегияни тасдиқлаш тўғрисидаги маълумотлар БМТнинг расмий ҳужжатлар тизимига ҳам жойлаштирилди. Натижада дунё жамоатчилиги Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясининг араб, инглиз, испан, хитой, рус ва француз тилларидаги матни билан танишиши учун қулай имконият юзага келди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига Миллий стратегия ва «Йўл харитаси»нинг сифатли ҳамда ўз вақтида амалга оширилиши бўйича доимий мониторинг олиб бориш вазифаси юклатилган. Яқинда ўтказилган мониторинг натижалари «Йўл харитаси»нинг жами 78 бандидан 17 таси бўйича ижро муддати якунлангани, 7 та банд бўйича ишлар ўз муддатида бажарилганини кўрсатди. «Йўл харитаси»нинг 2 та бандида белгиланган вазифалар ҳатто муддатидан олдин адо этилгани эътиборлидир.

Хусусан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарор лойиҳаси ишлаб чиқилиб, тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда Вазирлар Маҳкамасига киритилганди. Ушбу қарорнинг қабул қилингани муҳим аҳамиятга эга. Чунки унда, аввало давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони таъсис этилгани таъкидланган. Шу билан бирга, “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони тўғрисидаги низом ҳамда ушбу кўкрак нишони ва унинг гувоҳномаси тавсифлари тасдиқланди.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони билан инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш, инсон ҳуқуқлари маданиятини ошириш ҳамда соҳани ривожлантириш ишларига муносиб ҳисса қўшган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тақдирланади. Кўкрак нишони билан мамлакатимиз фуқароси бўлмаган шахслар ҳам тақдирланиши мумкин.

Низомда шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида фаолият юритаётган ташкилотларни “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони билан тақдирлаш мумкинлиги кўзда тутилган. Мазкур кўкрак нишони ҳар йили 10 декабрь – Халқаро инсон ҳуқуқлари куни арафасида топширилади.

Бир сўз билан айтганда, “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишонининг таъсис этилгани Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш бўйича изчил олиб борилаётган давлат сиёсатининг самарадорлигини таъминлашда ғоят катта аҳамият касб этади. Бинобарин, биз ана шу янги мукофот тимсолида соҳа ривожига беқиёс амалий ҳисса қўшаётган юртдошларимиз, хорижий ва халқаро ҳамкорларимизни муносиб рағбатлантириб бориш имкониятига эга бўлмоқдамиз.

ЎзА мухбири Назокат Усмонова ёзиб олди.

Tegishli xabarlar

Leave a Comment