ЖАМИЯТ МАДАНИЯТ ҲИДОЯТ САРИ 

Маданий меросга доир қонун ҳужжатларининг Қашқадарё вилоятидаги ижроси муҳокама қилинди

2020 йил 29 окятбрь куни Қашқадарё вилоятида Олий Мажлис Сенати Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгаши билан қўшма мажлиси бўлиб ўтди.

Унда Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси Ишчи гуруҳи томонидан “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Қашқадарё вилоятида ижро этилиши ҳолатини ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.

Мажлисда сенаторлар, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, Ёшлар парламенти аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, айни пайтда Қашқадарё вилоятида жами 1468 та моддий маданий мерос объекти мазкур йўналишдаги кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган.

Мажлисда ушбу объектларни ўрганиш давомида маданий мерос соҳасида бир қатор камчилик ва муаммолар аниқлангани қайд этилди.

Жумладан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга кўра, аҳоли уй-жойлари маҳаллий аҳамиятга молик моддий маданий мерос объектларининг қўриқланадиган теграсидан камида 50 метр узоқликда жойлашиши керак. Аҳоли уй-жойлари Республика аҳамиятига молик моддий маданий мерос объектларидан 100 метр узоқликда бўлиши зарур. Бироқ Қашқадарё вилоятидаги айрим объектларда мазкур талаб бажарилмаяпти.

Бундан ташқари, VII-XII асрларга оид “Қаландартепа” археология ёдгорлигида ноқонуний тупроқ қазиш ишлари олиб борилган. Қарши шаҳрида  “Қалъаи-Захоки-Марон” археология ёдгорлигида ҳокимлик қарорлари  асосида ҳамда ўзбошимчалик билан 12 та уй-жой қурилиши оқибатида маданий мерос объектига 93,3 млн. сўм миқдорида зарар етказилган

Яккабоғ тумани “Дархон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган “Сариқтепа” археология ёдгорлигида олиб борилган ноқонуний тупроқ қазиш ишлари натижасида объектга 7,8 млрд. сўм миқдорида зарар келтирилган.

Қолаверса, биргина Шаҳрисабз шаҳрида фуқаролар томонидан ҳимоя ҳудудига кирган ер майдонларида, жами 12 объектда 77 та ноқонуний уй-жойлар қурилган.

Яна бир жиҳат. Тарихий объектларнинг кадастр ҳужжатлари мавжуд эмаслиги ва муҳофаза белгилари ўрнатилмагани ҳам уларни сақлашда жуда катта муаммоларни келтириб чиқармоқда. Ваҳоланки, 2019 йилда тасдиқланган Давлат дастурига кўра, бу ишлар аллақачон тугатилиши керак эди. Маданий мерос департаменти ўз имкониятидан келиб чиқиб 67 фоиз объектларнинг кадастрини тайёрлашга маблағ топган. Аслида кадастр ишлари учун маблағлар маҳаллий бюджетдан ажратилиши белгилаб қўйилган бўлса-да, департаментга туман ва шаҳарларнинг маҳаллий бюджетидан маблағ ажратилмаган.

Мажлисда юқорида келтирилган муаммоларни бартараф этиш борасида тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддиларига кўрсатмалар берилди.

Кўриб чиқилган масала юзасидан Сенат Қўмитаси ва халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгашининг қўшма қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

Tegishli xabarlar

Leave a Comment