ДУНЁ 

Хитойда топилган сирли ғор 30 йил ўтиб оммага ошкор қилинди

Хитойда топилган сирли ғор 30 йил ўтиб оммага ошкор қилинди

Хитойлик олимлар олис Чжэцзян провинциясида улкан ғор сирини аниқлашга уринмоқда, деб ёзади «Мир новостей» (2020 йил, 35-сон) ҳафтаномаси.

Қадимги одамлар томонидан яратилган сирли ғорнинг катталиги ақлни лол қолдиради. У камида 30 минг квадрат метр майдонни эгаллаган. Олимлар ғор табиий ҳолда ҳосил бўлмагани, ўйиб қазилганини аниқлашди. Деворларда чўкич излари кўриниб турибди. Улар бир-бирига параллел равишда, ақл бовар қилмас аниқликда шифт бўйлаб таралган.

36 та ғордан иборат ерости синоати икки минг йилдан кўпроқ вақт илгари ўйилган, деб тахмин қилинмоқда. Ғор мавжудлиги ҳақида одамлар тасодифан билиб қолишди – маҳаллий фермерлар халқ тубсиз, деб аталган ҳовуз сувини чиқариб ташлашга қарор қилишди. Етти кун сув тўхтовсиз сўриб олингандан кейин ҳайратли қўлбола ғор, одамлар кўз ўнгида намоён бўлди. У ўзининг чиройи ва ерости қурилиши – алоҳида хоналари, оқар сув келадиган тарновлари ва ҳайратомуз деворий ўймакор нақшлари билан ақлни лол қолдиради. Ғор шифтини устунлар кўтариб турибди. Хитойлик тадқиқотчилар ғор тузилиши ва қурилишини синчиклаб ўрганиб чиқди. Аммо уни барпо этган бирорта сирли цивилизацияга оид изларни кўрмади.

Тунцзи университети профессори, муҳандис Жи Ган топилма ҳақида шундай дейди: «Қадимги қурувчилар чироқсиз қандай бу мўъжизани яратишди экан. Ғорга кириш жойи жуда тор, ёруғлик узоққа бормайди. Чуқур тушиб борганингиз сари зулматга чўмиб борасиз. Киришда, ўн метрдан кейин ҳеч нарсани кўриб бўлмайди». Бироқ ғорда ёритгични эслатадиган ҳеч нарса топилмади.

Қадимги қурувчилар ерости саройини барпо этиш учун миллион кубометр жинсни олиб чиққан. Ким ва нима учун уни қазган? Наҳотки, қўл билан… Олимларнинг тахминий ҳисоб-китобларига кўра, агар ўша одатдаги оддий иш қуроллари билан минг киши кеча-кундуз тинмай ишлаганда ҳам бунга олти йил керак бўлган.

Ҳайратланарлиси, мураккаб ўлчаш усуллари қўлланиб иш ўта аниқликда бажарилганидир.

Ғор ўтган асрнинг 90-йилларда аниқланган бўлса-да, кенг оммага яқинда маълум қилинди. Бугун ғорлардан бири сайёҳлар ташрифи учун очилди. Улар ҳам ҳайратда: Ким ва нима учун ерости мажмуи қуришда машаққатли меҳнат қилган? Ғорларни ўрганиш давом этмоқда, бир кун келиб унинг сири очилар.

Тоғаймурод ШОМУРОДОВ тайёрлади

Tegishli xabarlar

Leave a Comment