ЖАМИЯТ ТЕХНОЛОГИЯ 

Наҳотки: Ўзбекистон АҚШдан интернетни блоклайдиган технологияларни сотиб олганми?

Наҳотки: Ўзбекистон АҚШдан интернетни блоклайдиган технологияларни сотиб олганми?

Ўзбекистон АҚШнинг Sandvine Inc. компаниясидан интернет трафикни бошқарадиган технологияларни сотиб олган. Ушбу технологиялар интернетни цензура қилишда ҳам ишлатилиши мумкин, дейилади Bloomberg хабарида.

Асосан интернет трафигини бошқаришга мўлжалланган компаниянинг қурилмалари сўнгги йилларда интернетда цензура ўрнатиш мақсадида ҳам ишлатилган. Бу давлатлар қаторига Жазоир, Афғонистон, Озарбайжон, Миср, Иордания, Қувайт, Покистон, Қатар, Россия, Судан, Таиланд, Туркия, БАА ва Ўзбекистон каби мамлакатлар киради, деб ёзади Bloomberg Sandvine компаниясининг бир нечта собиқ ва амалдаги ходимлари ҳамда компания ҳужжатларига асосланиб.

Sandvine технологиялари юқори даражадаги интернет маълумотларининг давлатларга кириб келиши ва чиқиб кетишини бошқаради. «Пакетларни чуқур текшириш» (deep packet inspection) деб номланадиган қурилма спам ва вирусларни блок қила олиши мумкин. Аммо, компания ҳужжатларига кўра, ушбу қурилма орқали миллионлаб вебсайтлар ва мессенжерларни блок қилиб қўйиш мумкин.

Тайландда Sandvine технологиялари қироллик оиласини танқид қиладиган сайтларни блоклашда ишлатилган. Bloombergнинг ёзишича, Миср ва Ўзбекистонда эса ушбу технологиялардан мустақил янгиликлар вебсайтларини блоклашда фойдаланилган.

Qurium Media Foundation, рақамли ҳуқуқларни ҳимоя қилувчи гуруҳ вакилининг айтишича, сўнгги ўн йилликда ташкилот Миср, Озарбайжон, Иордания ва Ўзбекистондаги мустақил ОАВга ёрдам берган. «Ушбу давлатларда операторлар Sandvine технологияларидан кўплаб мустақил ОАВ вебсайтларини блоклашда фойдаланишади», дейди Торд Люднстром.

Bloomberg томонидан ўрганилган ҳужжатларга кўра, Sandvine компанияси Миср, Ўзбекистон, Россия ва Афғонистон каби давлатларга фойдаланувчиларнинг вебсайт-браузерлари тарихи бўйича маълумот йиғадиган технологияларни етказган.

2020 йилнинг май ойида компания Жазоир ҳукуматига 10 миллион интернет фойдаланувчиларининг онлайн фаолликлари бўйича маълумотларни сақлай олиш қобилиятига эга қурилмани сотиш бўйича келишувга эришган.

Беларусда компания технологиялари давлат томонидан бошқариладиган интернет агентликка сотилган. Ушбу технологиялар август ойида ижтимоий тармоқлар, янгиликлар сайтлари, мессенжерларни блоклашда ишлатилган, дейилади Bloomberg хабарида. Шу сабабли, сентябрь ойида Sandvine компанияси Беларусда ўз қурилмаларини сотишни тўхтатганлигини маълум қилган эди.

«Технологиянинг ўзи аслида нейтрал, лекин уни анти-демократик давлатга берилса, бу кўп зарар етказиши мумкин», — дейди Sandvine ходими.

Сентябрь ойида Sandvine Озарбайжондаги илғор интернет провайдери Delta Telecom билан YouTube, Facebook ва Instagram платформаларидаги жонли эфирларни блоклайдиган тизимни ўрнатиш бўйича иш олиб борган. Арманистон билан можаро кескинлашгандан сўнг, Озарбайжонда Facebook, WhatsApp, YouTube, Instagram, TikTok, LinkedIn, Twitter, Zoom ва Skype платформаларига кириш бўйича муаммолар пайдо бўлди.

Июль ойида Ўзбекистонда Facebook ижтимоий тармоғига кириш билан боғлиқ муаммолар кузатилган эди. Фойдаланувчилар секин юкланаётган янгилик ленталари, изоҳлар, видеолар ва фотосуратлар ҳақида шикоят қилишган

Ўзбекистонда Facebook ва YouTube га кириш билан боғлиқ муаммолар 2019 йил охири — 2019 йил бошида бир неча ой мобайнида ҳам кузатилган. Расмийлар буни телекоммуникация ускуналарини янгилаш ва тайинланган номлар ва рақамлар бўйича интернет-корпорацияси — ICANN нинг криптографик калитини ўзгартириш билан изоҳлашган эди. Аммо кейинроқ манбалар блоклангани маълум бўлди.

Tegishli xabarlar

Leave a Comment