ЖАМИЯТ 

Юзлаб қўшиқлари машҳур шоир реанимацияда оғир аҳволда. Аёли ёрдам сўрамоқда…

Юзлаб қўшиқлари машҳур шоир реанимацияда оғир аҳволда. Аёли ёрдам сўрамоқда…

Кўплаб шеърлари машҳур хонандалар томонидан қўшиққа айлантирилган таниқли шоир Шамсиддин Садоий оғир аҳволда. Бу ҳақда Садоийнинг аёлига таяниб, «Fikrat.uz» хабар бермоқда.

“Шоир Шамсиддин Садоий ҳозир Зангиотадаги шифохонада жонлантириш бўлимида оғир аҳволда ётибди. Не-не машҳур қўшиқчилар унинг шеърларини қўшиқ қилиб айтишган. Телефон қилсам, ҳеч бири ёрдам бермаяпти. Илтимос, ёрдам беринг, хўжайним ўлиб қолади”

Йиғи аралаш овозли ёзувдан тушунганларим шу бўлди. Уни шоирнинг турмуш ўртоғи Иқбол Эргашева юборган экан.

Ўқувчига тушунарли бўлиши учун гапни бошидан бошласам. Бир одатим бор, “Facebook”да дўст тутинганларимга таваллуд кунлари муносабати билан дил сўзларимни ёзиб тураман. Кеча халқимиз севиб тинглайдиган қатор қўшиқларнинг муаллифи, шоир Шамсиддин Садоийнинг ҳам таваллуд куни экан, табрик йўлладим. Очиғи, Садоий билан яқин таниш эмасман: икки-уч марта кўришганмиз, холос. Аммо унинг қаламига мансуб Нуриддин Ҳайдаров ижросидаги “Давлатинг борида” қўшиғи янграса, берилиб тинглайман.

Хуллас, тонгда туриб, интернетга кирсам, шоирнинг профилидан овозли ёзув келибди. Қизиқиб, эшитишга тутиндим: юқоридаги гаплар… Энг аламлиси, шоир таваллуд кунини реанимацияда оғир аҳволда ўтказибди. Уч кун аввал комадан чиққан экан.

Нима қиларимни билмайман: Озодбек Назарбековга телефон қилсаммикан ёки Юлдуз Усмоновагами? Ғуломжон Ёқубов, Сардор Мамадалиев, Равшан Комилов, Ғиёс Бойтоев, хуллас, бир зумда ўндан ортиқ машҳурларнинг исмлари хаёлимдан ўтди. Яхшиси, аввал, тафсилотни тўлиқ билиб олай, деган ўй билан Садоийнинг қўл телефони рақамларини тердим. Телефони аёлида экан, гўшакни у кўтарди. Ўзимни таништириб, вазиятни тушунтиришини сўрадим.

Маълумот учун: Шамсиддин Садоий 1958 йилда Бухоро вилоятида туғилган. “Мени кутган эдингиз”, “Давлатинг борида”, “Дунёни муҳаббат олади”, “Сени менга яратган” сингари шеърий тўпламлари нашр этилган. Ўзбекистон Каҳрамони, халк шоири Абулла Орипов таъбири билан айтганда, «Шамсиддин таъби нозик йигит. Албатта, шу манода ўзига хос Машрабфеьл шоир”. Замонавий ўзбек қўшиқчилигида унинг шеърларини куйламаган хонанданинг ўзи бўлмаса керак: Озодбек Назарбеков, Юлдуз Усмонова, Ғуломжон Ёқубов, Сардор Мамадалиев, Равшан Комилов, Ғиёс Бойтоев… булар фақат менинг билганларим, холос.

Суҳбатимизнинг асосий қисмини эътиборингизга ҳавола этаман. Зора, қалбида меҳр-оқибати бор санъаткорларимиз бу оилага ёрдам қўлларини чўзишса. Чунки шоир ва унинг оиласи бошига тушган муаммолар шунчалик аянчлики, улар бизнинг ёрдамимизга жуда ҳам муҳтож.

– Ҳозир оғир аҳволда, реанимацияда, – дейди суҳбатдошим. – Ҳеч ким сўрамайди, шунча қўшиқларини куйлаган санъаткорлар ҳам келмайди. Бир ўзим қолиб кетдим. Нечтасига телефон қилдим. Ҳаммаси жим… (йиғлайди)

Бу инсоннинг ҳатто уйи ҳам йўқ. Шу сабаб 5 яшар ўғилчамиз ҳам биз билан турмайди. Чунки Дўрмонда (Ёзувчилар уюшмасининг меҳмонхонасида) турамиз. Наҳотки, шундай шоир хор бўлса. Ахир Абдулла Орипов айтган-ку “Ер остидаги олтин – Шамсиддин Садоий, энди уни кўтариш керак”. Мен қўрқаман, агар унга бир нарса бўлиб қолса, қаердан чиқараман, меҳмонхонаданми, уй-жойи бўлмаса. Икки сумка кийим-кечаги ва шеъридан бошқа ҳеч нарсаси йўқ, тепада Аллоҳ гувоҳ. Журналист бўлсангиз, ёрдам беринг, Президентга етказинг гапларимни. Мен Ёзувчилар уюшмасидан умид қилмайман, улар уй ҳам беришмади.

Уюшмага аъзо бўлганига 1-1,5 йилча вақт бўлди. У уюшмага аъзо бўламан, деб қатнайвериб, уюшманинг йўллари чуқур бўлиб кетди. Йилига 4-5 марта (Навоийдан) келиб кетарди, лекин олдинги раис уни аъзо қилмасди. Сирожиддин Саййид раис бўлгач, уни аъзоликка қабул қилди. Олдинги раис Кимсан, демасди. Квартирама-квартира юрардик, ойига 200-250 доллар тўлаб. Уюшмага аъзо бўлгач, Дўрмондаги Ёзувчилар уюшмасининг меҳмонхонасидан бир хона жой ажратиб беришди. Имконимиз бўлмагандан кейин ўғилчамни онамга бериб юбордик.

Тўғри, (Уюшма) бир марта ёрдам беришди, август ойида 1 млн сўм, Навоийда больницада ётганда. Лекин 1 млн сўм нима ҳам  бўларди. Бизни март ойида карантин бошланганда, меҳмонхонадан чиқариб юборишди. Навоийга бориб, қурилаётган уйда, бир хона яшадик.

Ҳозир бир ўзим қолиб кетганман. Ҳар куни Зангиотага бораман, буям ўзи бўлмаяпти. Менга ёрдам беринг, имконингиз бўлса. Бир-иккита қўшиқчига телефон қилдим, улар парво ҳам қилмади. Мана-ман деганига ҳам телефон қилдим, фойдаси бўлмади.

Юлдуз Усмонова “Дадажон” қўшиғи билан (Туркияда) биринчи ўринни олди. Озодбек Назарбеков ҳам “Эй, гул юзим” билан Каримовнинг назарига тушганди. Март (Наврўз), сентябр (Мустақиллик) ойларида (байрамларда) 5 мартагача қайта-қайта айтарди шу қўшиқни.

Сардор Мамадалиев “Йиғлатма”ни айтди, бизга 50 доллар берди, бошқа беролмайман, деди. Лекин шу қўшиғи Қирғистонгача машҳур бўлди, муҳлислари кўпайди.

Ҳозир реанимацияда ётибди, аҳолини ҳам аниқ билолмаяпман. Баъзида дўхтирлар телефон қилишади. Ичадиган суви ҳам йўқ экан, сув келтириб беряпман. У ерда сув ичиш учун яроқсиз экан. Баъзида овқат айтишади, лекин овқат келтириб беролмаяпман, қўлимда пулим йўқ. У-бу ташкилотларга айтинг, илтимос, ҳолидан хабар олишсин. Озодбек акага ҳам айтдим, гапирмади у киши.

Ишқилиб, худо умрини берсин, жуда қийналди, касал бўлганига қарийб бир ойдан ошди», дейилади манбада.      

Tegishli xabarlar

Leave a Comment