ЖАМИЯТ ИҚТИСОДИЁТ 

Супер-контракт нархи қандай ҳисобланади?

Супер-контракт нархи қандай ҳисобланади?

Жуда кўпчиликнинг мурожаати деярли бир хил мазмунда: «1 балл етмай қолди, қанча тўлайман», «10 балл етмай қолди, қанча тўлайман», «60 балл тўплаганман, қанча тўлайман» ва ҳ.к.

Супер-контракт нархи минимум қанча бўлишини исталган инсон ўзи мустақил ҳисоблаб олиши мумкин, бунинг учун етарли барча маълумотлар эълон қилинган. Фақат озгина ҳафсала керак холос.

Батафсил: t.me/xushnudbek/7190

Шундай бўлса-да, супер-контракт миқдорини қандай ҳисоблаш йўлини яна бир бор тушунтиришга ҳаракат қиламан.

Энг аввало бир нарсани ёдда тутинг, супер-контрактнинг энг аниқ миқдорини фақат ва фақат ўзингиз ҳужжат топширган олий таълим муассасаси орқали билишингиз мумкин. Чунки жорий йилдан ОТМлар мустақил нарх белгилай олади ва давлат шунчаки минимум миқдорини тасдиқлайди холос. Интернетда «менга қанча бўлади, унга қанча бўлади» дегандан кўра, ОТМ билан боғланиб, аниғини билиб олинг. Агар ҳали нархлар тасдиқланмади, аниқ эмас, дейишса, унда сабр қилиб кутиб туринг, дарров дод-вой қилиб, ваҳима қилиш керакмас.

Энди минимум миқдорлар ҳақида.

1-эслатма: супер-контракт деган тизим кундузги, сиртқи, кечки таълимда ҳам бор;
2-эслатма: имтиёз олган, лекин кира олмаган абитуриентлар учун умумий кириш балига қараб супер-контракт нархи белгиланади, имтиёзлиларнинг ўтиш балига қараб эмас.

Супер-контракт нархи кундузги таълим шаклида стипендиясиз тўлов-контракт миқдоридан ҳисобланади (сиртқи ва кечкида шундоқ ҳам стипендия йўқ). Демак, қуйида илова қилинган жадвалда кўрсатилган контракт суммасини супер-контракт баробарига кўпайтиришингиз керак.

Шунингдек, 3 та тоифадан қайси бирига тааллуқли эканлигингизни ҳам аниқлаб олишингиз керак.

1-тоифа: кириш чизиғига 4 баллгача етмай қолган абитуриентлар

Бунда қуйидаги шкала амал қилади:

1 баллгача етмаса – 1,5 баробар;
1.1 баллдан 2 баллгача етмаса – 2 баробар;
2.1 баллдан 3 баллгача етмаса – 2,5 баробар;
3.1 баллдан 4 баллгача етмаса – 3 баробар.

Масалан, математика йўналишида 1,5 балл етмай қолди дейлик. Бундай вазиятда ўша абитуриент 2 баробар тўлайди. Жадвалга қарасак, математика йўналишида контракт нархи 5.771.349 сўм. Демак, математика йўналишига 1,5 балл етмай қолган абитуриент 11 млн 542 минг сўм супер-контракт тўлайди (2 x 5.771.349).

2-тоифа: кириш чизиғига 4 баллдан ортиқ етмай қолган ва ўзи 56,7 дан кўп балл тўплаганлар

Бундай абитуриентлар супер-контракт учун йўналишига қараб пастдаги жадвалда кўрсатилган оддий контрактнинг минимум 10, 15, 20, 25 баробарини тўлайди.

Масалан, иқтисод йўналишига кириш бали 150 балл бўлди дейлик. Абитуриент 70 балл тўплади. Демак, унга 4 баллдан ортиқ етмай қолган, ўзи ҳам 56,7 баллдан кўпроқ тўплаган. Иқтисод йўналишига минимум супер-контракт 15 баробар этиб белгиланган. Оддий контракт эса 8.216.937 сўм.

Хулоса: иқтисод йўналиши учун супер-контракт минимум 123 млн 254 минг сўм (15 х 8.216.937).

Жорий йилги минимум миқдорлар ҳали тасдиқланмади, ўтган йилгиси мана бу ерда: t.me/xushnudbek/3180

3-тоифа: 56,7 баллдан кам тўплаганлар

Бундай абитуриентлар ҳам супер-контрактда ўқиши мумкин, фақат камида 2-тоифадагилар тўлайдиган сумманинг 2 баробарини тўлашади. Масалан, абитуриент иқтисод йўналишига топшириб, 40 балл тўплаган, яъни 56,7 баллдан кам. Демак, у камида 246 млн 508 минг сўм тўлаши керак (2 х 123.254.055).

Хуллас, Сиз ўзингиз тўплаган балл асосида камида тахминан қанча супер-контракт тўлашингизни бемалол ўзингиз ҳисоблаб кўришингиз мумкин.

Сўзим сўнггида яна қайтараман, аниқ суммани фақат ОТМ орқали била оласиз. Супер-контракт тўлашнинг қолган техник ва ташкилий томонларини ҳам ОТМлардан аниқлаштиринг.

Ҳозирги пандемия шароитида дарров институтга югуриб боришингиз ҳам шарт эмас, жуда кўп ОТМлар онлайн ариза қабул қиляпти. Ўқимоқчи бўлган ОТМнинг сайтига, Телеграм каналига кириб кўринг, у ерда боғланиш учун контактлар, ариза қолдириш учун ҳаволалар берилган. Илтимос, ақл билан иш тутинг.

Хушнуд Худойбердиев, ҳуқуқшунос, блогер

Tegishli xabarlar

Leave a Comment