ЖАМИЯТ МАДАНИЯТ 

  Матбуотга не хожат?

Ўтган ойларнинг бирида Тошкент шаҳар, Яшнобод туманининг лицей ва мактабларида таҳсил олаётган 11- синф ўқувчи қизларининг катта кўча ўртасида бир-бирини ураётгани, тепаётгани, сочларини юлаётганини интернет тармоқлари роса айлантирди. Энг ажабланарлиси уларни мактаб ўқувчилари тасвирга олиб, энг уятли гапларни бўралатиб, қўшимчасига “Ур!”, “Оч биқинига теп!” — деган “илҳомбахш!” сўзлар билан қўллаб-қувватлаб туришган. Интернетнинг тезкорлиги ёшлар учун яхши “хулқ” бўлаётганлигиниинг исботи бу.
Ёшлар маънавияти, ёрқин келажаги ҳақида бот-бот гапирамизу, бироқ улар нимадан ва қандай воситалардан маънавий «озуқа» олаётганидан хабарсиз ёки бефарқмиз. Шунақами? Кейинги масала, саводхонлик. Ҳозирги кунда ўз исм-шарифини тўғри ёзолмайдиган одамларни учратамиз. Мактабда олган билим йиллар давомида унутилиб, ўқиш ёзишдан четлашган кишидан тўғри ёзиш ва ўқишни талаб қилиш ёки фахрланиш ноўрин, албатта. “Болам бешикдалигидаёқ телефонни тушунади”, “3 ёшли болам мендан кўра телефонни чапидан кириб ўнгидан чиқади”, “5 ёшли фарзандим, компютерни «сувдек» ичган” каби сўзларни эшитиш ҳозирги кунда янгилик эмас, одатга айланган. Болалар кўз касалликлари мана шу электрон воситалар оқибатида пайдо бўлаётганини ҳатто катталар ҳам билади.
Замон талаб қилмоқда, онлайн ишлашга. Алоқа воситаларинг бўлмас экан ҳаётда сен кечикасан, орқада қолиб кетасан. Тўғри гаплар, мулоҳазалар. Шу билан бирга меъёр деган тушунча ҳам бор. Бошини мобиль алоқа воситасидан кўтармай, унга муккасидан кетган «современный» кишилар кўп. Ахир улардан фойда бор-да, зарар йўқ – дея олмаймиз.
Юқоридаги сабабларнинг барчасига интернетни айблаб бўлмайди, саводсизлик орқасида фақат мобиль алоқа воситалари сабабчи эмас. Матбуот, босма оммавий ахборот воситаларга бўлган талабнинг камайиб кетаётгани ва унутилаётгани ҳам муҳим сабаблардан бири. Ижтимоий тармоқларда бир-бирни сочини юлаётганлар, бурнини қонатаётганлар ҳафта давомида бир маротаба газета ёки журнални очиб қарашга вақтлари, хоҳишлари бўлармикан? Аксинча, матбуот ёки журнал нималигини ҳам билмайдиганлар ҳам бор. Матбуотга нега эҳтиёжимиз бор? Нега матбуот бугунги ривжланган даврда аввалгидан кўра муҳимроқ? Саводсизликни матбуот нашрлари орқали тугатиш мумкинми? Зиёлилар орасида муҳокамаларга сабаб бўлаётган тил масалалари айнан матбуот орқали ҳал бўладими? 3 ва 5 ёшли болалар, умуман олганда болалар ва ўсмирлар электрон воситалар билан бирга босма нашрларни ўқиши улар учун қанчалик муҳим эканлиги, қай даражада долзарб? Келинг, мулоҳаза қиламиз!

Аввало, босма оммавий ахборот воситаси, матбуот ҳақида фикрларимизни умумлаштириб олайлик. Матбуот ўзи нима? Қандай соҳаки, у бошқа соҳалардан фарқ қилади, матбуотнинг ўзига хос вазифаси ва масъулияти нимада? Матбуот – барча босма маҳсулотлар мажмуи бўлиб тор маънода даврий нашрлар, асосан, газета ва журналларни ифодалайди. У ижтимоий онгнинг ўткир ва таъсирчан воситаси сифатида кишилик жамиятига доимий таъсир кўрсатади. Жамоатчилик фикрини шакллантиради, омма онгига муайян қарашларни сингдиришда қудратли ғоявий омил ҳисобланади. Матбуот жамият ҳаётини турли йўналишлари ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ишлаб чиқариш, илмий-техникавий ва бошқа йўналишларини ёритади. Кишиларни фикрлашга, мулоҳаза қилишга ундайдиган, саводхонлик даражасини оширадиган, маънавий «озуқа» берадиган, жамиятдаги муаммолар ва ўзгаришларни ёритадиган, қонунларни аҳоли орасида тарғиб қилувчи, уларни шарҳлаб берувчи, ёшлар онгида ахборотнинг ҳаққонийлигини таъминлаб берадиган, ахборот психологик «хужум»лардан ижтимоий онгни муносиб ҳимоялайдиган соҳа айнан матбуот ҳисобланади. Интернет – янгиликларни тезкор етказиб берса, матбуот ушбу янгиликларни шарҳлаб, қачон, қаерда, қандай содир бўлганлигини кенг мулоҳазалар билан бойитиб ифода этади. Халқимиз орасида ўз касбига фидойи бўлган, жамиятимизнинг турли соҳаларида хизмат қилаётган шахсларни танишга энг яқин кўмакчи бўлади. Оқ-қора рангларни фарқини ажрата оладиган болалар – “Ғунча”, “Зийрак”, “Гулхан” каби журналларни ўқимас экан, кўзлари нурдан қолиши билан бирга, маънавиятида ҳам болалигиданоқ бўшлиқ пайдо бўлади. Ёшлар орасида “Ёшлик”, “Ҳуррият”, “Маърифат”, “Воҳа”, “Жамият” каби газета-журналлар ўқилмас экан, юқоридаги салбий ҳолатлар бўй чўзаверади. Саводсизлик ортаверади.
Босма оммавий ахборот воситалари шу билан бирга тарихий ҳужжатларга, архив материалларга айланади. Шу билан бирга ҳозирги улкан сиёсий, иқтисодий, маданий, маърифий янгиликларни, дейлик, чорак асрдан кейин нимага таяниб тадқиқ этадилар? Ана шу ҳақиқатдан келиб чиқсак, бугунги даврдаги интилиш ва ютуқларимизни эртанги авлод нимадан ўрганади? Дунё электрон ҳукумату, электрон имзога ўтганига кўп бўлмади. Шу билан бирга дунёнинг етакчи мамлакатлари матбуотдан воз кечгани йўқ. Бир кунда икки, уч бор нашр этиладиган кунлик, ҳафтада уч, тўрт, беш маротаба чоп этиладиган ҳафталик, ойлик, йиллик газета ва журналлар аҳоли эшигини ҳалиям «тақиллатяпти», севиб ўқиляпти.
Халқимиз аҳвол танг келганда дўпписини бошдан олиб фикр қилган. Биз айнан ҳозир мана шундай фикр, мулоҳаза қилиш даврига келдик. Матбуот нашрларидан воз кечамизми ёки электрон воситалардан фойдаланиб, зараримизга ҳаёт кечирамизми?
Шундай мураккаб шароитларда матбуотни тугатиш керак, умри тугади каби фикрларни билдираётган мутасаддилар, ташкилотлар, шахслар ҳам йўқ эмас. Уларга кенг мақолалар ёзиб ёки соатлаб маруза ўқишнинг ҳожати бўлмаса керак, чамамда. Билъакс, матбуот нашрларининг аввалгидан кўра зарур эканлигини эслатсак бўлгани. Ва шуни айтиш жоизки, матбуотнинг яна асрлар давомида сақлаб қолиниши, халқ орасида оммалашиши ҳақида фақатгина Президентимиз ва соҳа вакиллари жон койитмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Журналистика ва оммавий комуникациялар университетининг ташкил этилиши ва “Босма оммавий ахборот ва ноширлик иши” йўналишида кадрлар тайёрланаётгани ҳам фикримизнинг ёрқин исботидир.
Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, матбуотнинг кўплаб вазифа ва масъулияти турган чоғда “Матбуотга не хожат?” саволини бериш ўринлими? Бу ҳақида яна бир мулоҳаза қилинг, азиз муштарийлар.

Муҳаммадали МАМАДАЛИЕВ,
“Воҳа” газетаси мухбири

Tegishli xabarlar

Leave a Comment