ЖАМИЯТ ИҚТИСОДИЁТ 

Камбағал оилаларга 231 гектар ер бўлиб берилди

Камбағал оилаларга 231 гектар ер бўлиб берилди

Самарқанд вилояти Иштихон туманида ҳоким бош бўлган биринчи сектори ҳудудидаги маҳаллаларда аҳолини камбағалликдан чиқариш мақсадида 50 оилага паррандачилик йўналишида ишлаши учун 100 донадан жўжа тарқатилди. Бу жўжаларни боқиш учун эса 500 минг сўмдан субсидия ҳам берилди.
– Шу 100 та жўжани боққан оила камбағалликдан чиқиб кетадими, деган савол туғилиши табиий, – дейди Иштихон тумани ҳокими Ш.Негматов. – Йўқ, албатта. Бу шу оилаларда турмуш тарзини яхшилаш, улар ҳаётини ўзгартириш учун дастлабки қадам. Кейинги босқичда мазкур хонадон эгаларининг фаолияти кенгайтирилиб, чорвачилик йўналишига ўтказилади. Қўй, мол боқиши учун шароит яратиб берамиз, ёрдам кўрсатамиз. Шу билан бирга парранда, чорва боқишни билмайдиганларга мутахассислар, тажрибали кишилар бириктирилади.
Маълумотларга кўра, бугунги кунда туманда 2500 дан ортиқ камбағал оила мавжуд. Уларни камбағалликдан чиқариш, ҳаёт тарзини тўғри йўлга қўйиб олиши учун узум, шоли ва балиқчилик йўналишларида 5 та кооператив ташкил этилди. Мазкур кооперативларга 231 гектар ер ажратилиб, бу майдонлар камбағал оилаларга бўлиб берилди. Шунингдек, 100 га яқин оилага иссиқхона учун, 30 та оилага суғориш воситалари учун бандлик жамғармаси томонидан субсидиялар ажратилди.
photo_2020-05-12_11-49-29.jpg

 

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА

Tegishli xabarlar

Leave a Comment