ЖАМИЯТ ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО 

Чақалоқ қабри нега орадан уч ой ўтгач очилган?

Қашқадарёда чақалоқ қабри нега орадан уч ой ўтгач очилган?

Куни кеча ижтимоий тармоқларда аёл киши томонидан қабристонда олинган бир видео тарқалди. Унда аёл боласининг қабри уч ой ўтгач эксгумация қилиш мақсадида очилаётгани, бу ноҳақлик экани ҳамда боланинг ўлимида айбдорлар жазосиз қолгани ҳақида ҳаяжонланиб айтиб ўтган. Бу ҳақда аввал ҳам хабар бергандик, ижтимоий тармоқларда мурожаат яна айланаётгани боис, хабарни қайтадан тақдим этишга қарор қилдик.

Аниқланишича, бу аёл қашқадарёлик Ф.Нормуродова бўлиб, у ўзининг ҳуқуқий маслаҳатчиси Т.Довлатова билан бирга “Марҳум набирасининг жасади ўлимидан уч ой ўтганидан кейин эксгумация қилинганлиги ва ўлимига сабабчи бўлган шахслар ҳимоя қилинаётганлиги” мазмунида мақола ҳам чоп этган. Ушбу вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Бош прокуратурага мурожаат қилганимизда, бу иш вилоят прокуратураси томонидан ўрганилгани маълум қилинди. Бизга берилган хабарда қайд этилишича, Косон тумани Шабода кўчасида яшовчи Г.Қаюмованинг 2019 йил 14 октябрда туғилган ўғил фарзанди 2019 йил 16 октябрь куни вилоят кўп тармоқли болалар шифохонасида вафот этган. Ф.Нормуродова марҳум чақалоқнинг бувиси ҳисобланади.

Ф.Нормуродова ва унинг ҳуқуқий маслаҳатчиси Т.Довлатоваларнинг аризасига асосан ўтказилган терговга қадар текширув ҳаракатлари натижасига кўра, марҳумнинг ўлими сабаби ва айбдор шахслар доирасини аниқлаш учун жиноят иши қўзғатилган. Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми билан қўзғатилган жиноят иши юзасидан, табиийки, тергов ҳаракатлари олиб борилади. Бу жараёнда эса марҳумнинг ўлими сабабини аниқлаш учун суд тиббий экспертизаси ўтказилиши ҳам мумкин.

Бу ҳолатлар марҳумнинг оила-аъзоларига тушунтирилган. Лекин шунга қарамай, Ф.Нормуродова тергов тугашини кутмай, ижтимоий тармоқларда набирасининг ўлимига сабабчи бўлган шахсларга чора кўрилмаётгани ҳақида чиқишлар қилган. Ф.Нормуродова 2019 йил 4 декабрь ва 2020 йил 17 январда мурдани эксгумация қилишга қаршилик кўрсатиб, ушбу жараёнда ҳар хил асоссиз талабларни қўйиб, суд ажримини ижро этишга қатъий тўсқинлик қилган.

Жиноят процессуал кодекси талабларидан келиб чиққан ҳолда марҳумнинг жасади Ф.Нормуродованинг қатнашувисиз, эксперт, тезкор тергов гуруҳи ходимлари ва холислар иштирокида эксгумация қилиниб, тегишли тартибда расмийлаштирилган. Бундан ташқари, Ф.Нормуродова вилоят прокурори томонидан жисмоний ва юридик шахслар ҳамда уларнинг вакилларини қабул қилиш тартиб-қоидаларга асосан бир неча маротаба қабул қилиниб, жиноят иши юзасидан унга ҳуқуқий тушунча берилган.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Косон туманида 2020 йилнинг 28 январь куни ҳолатига гўдаклар ўлими 5 тани ташкил этиб, барча ҳолатлар юзасидан ҳозирги кунда Косон тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.Вилоят прокуратураси жиноят иши юзасидан олиб борилаётган тергов ва терговга қадар текширув ҳаракатлари натижасига кўра қонуний қарор қабул қилиниши таъминланишини назоратга олган.

Tegishli xabarlar

Leave a Comment