СПОРТ 

Ўзбекистон – БАА 5:1 ёхуд олимпиячиларимиз ярим финалда!

Ўзбекистон – БАА 5:1 ёхуд олимпиячиларимиз ярим финалда!

Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Таиландда ўтаётган 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионатининг ярим финал босқичига чиқди.
Бангкок шаҳридаги “Ражамангала” ўйингоҳида футболчиларимиз чорак финал босқичида Бирлашган Араб Амирликлари олимпия жамоасига қарши майдонга тушди.
Ўйиннинг 13-дақиқасида БАА жамоаси аъзоси Зайид Ал Амери ҳисобни очган бўлса, орадан уч дақиқа ўтиб истеъдодли футболчимиз Илҳомжон Алижонов узоқ масофадан чап оёғи билан йўллаган кучли зарбасини рақиб дарвозабони қайтара олмади ва ҳисоб тенглашди. Биринчи бўлимнинг 26-дақиқасида Исломжон Қобилов 11 метрлик жарима тўпидан унумли фойдаланди. 41-дақиқада футболчиларими ҳужумга зўр берди ва Ойбек Бозоров терма жамоамизнинг учинчи голига муаллифлик қилди.
photo_2020-01-19_20-19-16.jpg
Иккинчи бўлим ҳам футболчиларимизнинг устунлигида ўтди. 85 дақиқада жуда чиройли тарзда ташкил этилган ҳужумимизни Жасурбек Яхшибоев гол билан якунлади. Асосий вақтга қўшиб берилган учинчи дақиқада ўнг қанотдан узатилган тўпни Нурилло Тўхтасинов қийинчиликсиз дарвозага киритди. Шу тариқа ўйинда Ўзбекистон олимпия жамоаси 5:1 ҳисобида ғалаба нашидасини сурди.
Энди терма жамоамиз 22 январь куни финал йўлланмаси учун ўтадиган ўйинда Саудия Арабистони жамоаси билан мазкур стадионда рақобатлашади. Иккинчи ярим финал ўйини эса Жанубий Корея ва Австралия термалари ўртасида бўлиб ўтади. Ушбу ўйинга Патум Тани шаҳридаги “Таммасат” стадиони мезбонлик қилади.
Эслатиб ўтамиз, мусобақанинг кучли учлигидан ўрин олган терма жамоалар жорий йили Япониянинг Токио шаҳрида ўтадиган Олимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга киритади.
photo_2020-01-19_20-19-17.jpg

 

Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ, ЎзА

Tegishli xabarlar

Leave a Comment