ЖАМИЯТ ИҚТИСОДИЁТ ТЕХНОЛОГИЯ 

“UzAuto Motors”нинг тўртта янги модели ишлаб чиқарилмайди

“UzAuto Motors” 2019 йил охирида тақдимотини ўтказган тўрт русумдаги автомобилнинг барчаси хориждан импорт қилинади.Жумладан, Tahoe ва Traverse АҚШдан, Trailblazer Таиланддан, Equinox эса Хитойдан келтирилади.
Kun.uz мухбирининг хабар беришича, бу ҳақда 6 январь куни «Ўзавтосаноат» расмийлари билан бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинган.

«Бу – премиум сегмент ҳисобланади. Бу сегментдаги автомобилларнинг комплектацияси жуда бой. Бу автомобилларни ишлаб чиқариш, дунё бўйича, агар нолдан бошлаб чиқарадиган бўлсак, битта модели учун 1 миллиарддан 2 миллиард долларгача кетади.

Биз бу автомобилларни олиб киришимиздан мақсад нима? Биласиз, 40 минг доллардан қиммат бўлган автомобилларга божлар туширилгандан сўнг, ташқи бозордан айнан шу сегментдаги автомобиллар кириб келишни бошлади. Шу сегментдаги BMW автомобилларининг кириб келиши 2019 йилда бир йил олдингига нисбатан 400 баравар, Toyoto 200 бараварга ошган. Шуни ўрганиб чиққанимиздан сўнг, биз шу Toyota ва дунёдаги бошқа корхоналар билан рақобат қилиш стратегиясини ишлаб чиқдик.

Биринчи босқичда биз тайёр ҳолда автомобилларни бозордаги талабни ўрганиш учун олиб киряпмиз.

Стратегиямизга асосан, агар шу автомобилларимиз билан бозорда ўрнимизни топа олсак, сотувлар кўлами ишлаб чиқариш даражасига етганидан кейин, биз инвестицияларни жалб қилган ҳолда бу автомобилларни албатта ишлаб чиқарамиз», – деди «Ўзавтосаноат» АЖ Савдони ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Мирсамуков.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил давомида 40 минг доллардан юқори «иномарка»ларни Ўзбекистонга божсиз олиб кириш тартиби амал қилди, аммо 2020 йилдан бошлаб аввалгидек четдан келтирилаётган автомобилларга двигатель ҳажмига қараб бож солинмоқда.

Tegishli xabarlar

Leave a Comment