АНА-ХОЛОС! ДУНЁ ЖАМИЯТ ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО МАДАНИЯТ МУНОСАБАТ РУКУНСИЗ ТЕЗКОР ТЕХНОЛОГИЯ 

ТАТУда тролларга 200$ ҳақ тўланиши фош этилди. Улар тармоқларда президентни мақташ билан шуғулланади

Телеграмдаги Alimoff каналида Фейсбук ижтимоий тармоғининг ўзбек сегментида фаолият юритадиган троллар жамоаси ҳақида блогер Нурбек Алимов ва журналист Дилбар Исматуллаева томонидан сўнгги бир ой давомида олиб борилган суриштирув натижаси эълон қилинди.

Алимовнинг ёзишича, Телеграмда “Ватанни унинг шаънини топтаётганлардан ҳимоя қилиш” мақсадида махсус гуруҳлар очилган. Бу гуруҳ аъзоларига Фейсбукда бир нечта сохта ҳисоб очиш, кейин қайси саҳифа ёки шахсий профилда танқидий хабар чиқса, ўша ерга кириб, аввало, президент ва бош вазирни, кейин бошқа мансабдорларни мақтаб изоҳлар қолдириш, “Ҳеч қандай муаммо йўқ, ҳаммаси яхши, осмонимиз эса мусаффо” қабилидаги жумлаларни такрорлаб ҳолатни ижобий қилиб кўрсатиш вазифаси юкланган.

Бу иш учун гуруҳ аъзоларига 200$ дан 800$ гача иш ҳақи берилиши таъкидланган, буни тасдиқловчи хабарларнинг скриншотлари илова қилинган.

Суриштирув муаллифларига кўра, бу гуруҳлар Тошкент Ахборот Технологиялари Университети (ТАТУ) раҳбарияти томонидан тузилган:

“Йўлини қилиб жамоанинг телеграмдаги гуруҳига қўшилдим. “Группа 4” деб номланган ва икки йўналтирувчи ҳамда ишга розилик берган талабалардан иборат гуруҳ эди бу. Орадан бир соат ўтмай мени гуруҳдан “тепиб юборишди”, лекин энди кеч бўлган, мен аллақачон ҳамма далилий маълумотларни олган эдим.

Мақолани ёзишдан олдин гуруҳга “яхшиликча” яна бир бор қўшилишга ҳаракат қилдим ва айнан ўша гуруҳнинг “тепасида турган” ТАТУнинг ўқув ишлари бўйича проректори Агзамов Файзулла Сайдакбаровичнинг телеграмдаги шахсий саҳифасига хабар йўлладим. Буларни тўлиғича қуйида медиафайлларда ҳавола этаман. Уринишларим бесамар кетди, кейинчалик билишимча, мени ишга таклиф қилган дўстим проректор жанобларидан дакки эшитибди, эмишки, мен проректорга “ёпишиб олибман.

Гуруҳ нега айнан 4 билан рақамлангани сизга қизиқми? Менга қизиқ ва агар янглишмасам, мен бунинг сабабини ҳам биламан: бу каби гуруҳлар ўнлаб мавжуд ва бу уларнинг 4-си холос”, дейди Дилбар Исматуллаева.

Муаллифлар “Бундай гуруҳлар сони нечта ва уларга кимнинг ҳисобилан, қанча пул тўланади?”– деган савол қўйишган.

ТАТУ масъуллари ҳали бу борада изоҳ бергани йўқ.

Изоҳ: “Тролл” Скандинавия афсоналарида зикр қилинадиган афсонавий махлуқ бўлиб, ўзининг баҳайбатлиги ва бесўнақай кўриниши билан атрофдагиларни даҳшатга солган. “Троллик қилиш” – ижтимоий тармоқларда уюшган бир гуруҳ шахсларнинг пул эвазига ёки бепул тарзда жамоатчилик фикрини муайян бир йўналишга солиш, шу билан “Кўпчилик шундай фикрда” деган қарашни сингдириш. Бу сиёсий мақсадларда бўлиши ҳам, ёхуд омма эътиборини ижтимой-иқтисодий муаммолардан чалғитишга уриниш бўлиши ҳам мумкин.

Sof.uz

Tegishli xabarlar

Leave a Comment