ДУНЁ ЖАМИЯТ МАДАНИЯТ МУНОСАБАТ МУТОЛАА РУКУНСИЗ ТЕЗКОР ҲИДОЯТ САРИ 

«МАҚСАД БОР, ДЕМАК БИЗ ЯШАШГА ҲАҚЛИМИЗ»

Мурод Човушнинг “Ҳеч” асарини қўлга олганда мана шу жумла менга кутилмаган мотивация берди: гўёки мақсад йўқ – ҳаммаси ҳеч. Асарни ўқиётганимда , ўзимга жудаям кўп савол бердим, мутолаа давомида ўзим билан хаёлий суҳбат қурдим, гўёки, Назар Эшонқул айтган  “Ҳеч”даги “Мен”, ичимда уйғонди. Ичимиздаги “Мен”ларнинг умумий томони, кўпчиликка мос тушадиган тарафларини муаллиф усталик билан асарга сингдира олган. Асарда борлиқ ва мавҳумлик ўртасидаги чегара  гоҳида жуда яқин, гоҳида шунчалар узоқ бўлиб кетадики , инсон онги уни тушунишга ожизлик қилиши устомонлик билан ифода этилган.

Реалликни примитив тушунадиган китобхон учун «Ҳеч» зерикарли асар. Чунки ўзбек китобхони баёнчилик адабиётига кўникиб қолган. Фикрлашга эринади, фикрларни ҳаракатга солиш эмас, баён қилинган манзара ва воқеани шунчаки кузатишни афзал билади. «Ҳеч» бу анъаналарга сиғмайди, инкор қилади. Ниҳоятда қуруқ кўринади, лекин оҳанги бор, шу оҳангни топа олган ўқувчи асарни бир нафасда ўқиб чиқади. «Ҳеч»да битта қаҳрамон бор, у қаҳрамон – ғоя, асардаги одамлар шу ғоянинг соялари, холос.

Қизиқ, Денгиз нега қадамини санайди, қадам тизгиндан чиққандай кўринган фикр парчаларини жамлаб, тартибга солиб турар. «Ҳеч» ўқувчини жуда қийнайди. Гўё бир воқеа, ҳатто битта жумланинг ўзида замон ва макон алмашиб туради. Лекин ғоя охиригача узилмайди. Сўздан сўзга, макондан маконга, замондан замонга, одамдан одамга кўчиш юз берса-да, узилиш бўлмайди.

«Ҳеч»нинг ўз фалсафаси, ўз физикаси бор. Асарда учқур иборалар, тиниқ фикрлар асарни  муаллифнинг иқтибосларидан ташкил топган десак ҳам бўлади. Аёл образи такрорланмас ва кутилмаган тарзда тасвирланган. “Хотин зотини яхши кўриш учун учунчи бир бизга ўхшаган жонзот бўлиши керак эди. Шундагина рақобат бўларди ва биз, яъни эркак-инсоният, мен аёл зотини чинакам яхши кўришни ва улар бизни шу аснода яхши кўришларини хоҳлар эдик.” Бунга қўшимча қилиб муаллиф шундай ёзади: “Аёлдан қочиш керак. Қочган жойимиз эса аёлгача.”

Муаллиф парадокслари ва тасвирий ифодалари ҳақиқий китобхонни уйғотиб юборади – тафаккур уйқусидан.

“Мавжудлик кинога кўчди, ўша учун ёзиш тобора қийинлашиб бораётгандай. Демак, шундай ёзиш керакки, китобни кинога кўчириб бўлмасин.”

“Эртага яна Бугун келяпти..”

“Ҳаёт – картина… Биз картина ичида…”

“Ҳаракат ва борлиқ параллел, бир-бирисиз мавжуд эмас. Фикрлаш борлиқда муқим туриб қолишни белгилайди.”

Агар ушбу асарни ўқимаган бўлсангиз, мутолаа қилишни режалаштирган асарларингиз рўйхатига «Ҳеч»ни ҳам қўшиб қўйишингизни ва камида икки-уч марта ўқиб чиқишингизни тавсия қиламан. Сиз ҳам ичингиздаги “Мен”ингизни излаб, «бир, икки, уч» деб қадамингизни санай бошлайсиз… фикрлашни бошлайсиз.

Аббос Серобов

@abbosserobov

Tegishli xabarlar

Leave a Comment