МУТОЛАА 

ҚЎШИМЧА ДАРС

Ёзги таътил бошланиб, кимдир қишлоққа бобо-момосиникига, кимдир эса оромгоҳга йўл олди. Лекин, Муҳаммаджон уйда қолди. Унинг негадир бошқа болалардек ўйнаб-кулгуси келмайди. Нимадандир безовтадек, тараддудланиб юрибди. Ҳа, айтганча у ўртоғи Мирзабекни инглиз тили фанидан қўшимча дарсга бораётганини эшитган эди. Мана унинг безовталиги сабаби. Унинг ҳам инглиз тилини ўргангиси, дарсларга қатнагиси келарди. Бироқ бунга рухсат сўраш… Минг истиҳола билан Муҳаммаджон бу ҳақда отасига сўз очди: «Отажон, мен ҳам ўртоғим Мирзабек билан бирга инглиз тилидан қўшимча дарсларга борсам бўладими?» Аммо отаси бунга қарши бўлди.

-Ўқишга нима бор, бекор қолган бўлсанг, менга ёрдам бер, сенларни боқаман деб юрибман-дея жеркиб берди отаси.

Ўғлининг шаҳди синганини, нигоҳи янада маюслашганини онаси кўриб баттар эшилди. Муҳаммаджонни кўнглини олиш мақсадида «ҳа, қўявер мактаб бошланганда борарсан» деб қўйди.

Орадан бир неча кун ўтиб Муҳаммаджон отасига ёрдам бера бошлади. Отасининг ишхонасида иш кўп, қолаверса, бир хил иш уни тамоман зериктирарди. Бир муддат дам олганида атрофга қараб хаёлга бериларди. Бир сафар кўчадан қийқирганча музқаймоқ еб ўтаётган болаларга ҳаваси келди. Уни ҳам музқаймоқ егиси келди. Аслида-ку, отаси билан кўп гаплашмайди, кўп мулоқот қилмайди, аммо музқаймоққа пул сўраса нима бўпти. Ахир, жуда ҳам егиси келаяпти-ку. Муҳаммаджон отаси қаршисида бироз каловланиб музқаймоққа пул сўради. «Сен болани ҳеч қорнинг тўймас экан-да», дея отаси томондан зарда билан отилган 2000 сўмни чангаллаганча кўчани нариги бетидаги музқаймоқ сотиладиган жойга югурган Муҳаммаджон эҳтиёткорликни унутганди… Катта тезликда келаётган машина ҳайдовчиси йўлдан чопиб ўтаётган болани кўрдию жон-жаҳди билан тормозни босди… Аммо барибир машина Муҳаммаджонни туртиб юборди. Ерга юзтубан ётган боланинг афт-атгори қон ва беҳуш эди. Бу воқеани кўриб қолган Мирзабек Муҳаммаджонларнинг уйи томон елдек учди. Ҳаяжонланиб боланинг онасига бу ҳақда айтди. Она эса буткул ақлидан айрилди гўё.

Оний лаҳзада содир бўлган воқеадан эса Муҳаммаджоннинг отаси карахт бўлиб қолган, ўша муҳим ҳисоблаган иши ҳам, топган жарақ-жарақ пуллари ҳам шу лаҳзада ҳеч нимага арзимаслигини англаб етган эди. Боласини қўлида кўтариб олганча касалхонага кириб келган отанинг ҳолидан буни англаб олиш қийин эмасди. Онаси эса бемеҳр отасини айблар, қарғанар эди. Ҳартугул бир ҳафта деганда Муҳаммаджон кўзини очди. Худо бир асраб жиддий жароҳат етмаган экан. Бола атрофида парвона ота-онасининг меҳрибонлигини кўриб, жисми оғрисада қалбан хурсанд эди…

Мадина МАҲАМАТОВА.

Tegishli xabarlar

Leave a Comment